Саффолк далалари орасида яширинган занглаган металл люкли ташландиқ бетон объект у қадар диққатни тортмайди. Зиналар орқали 4 метр пастга тушсангиз, совуқ уруш давридаги ҳақиқий бункерни кўришингиз мумкин. Бункердаги шароит 1991 йилдан (уни тарк этишганидан) буён ўзгармаган - деворда ядровий ҳужум пайтида нима қилиш кераклигига доир кўрсатмалар осиғлиқ. Daily Mail нашри шу ҳақида маълумот берди. 

Совуқ уруш пайтларида бир-биридан тахминан 25 километр масофа фарқ қиладиган 1563 бункер қурилган. Бу СССР ва АҚШ муносабатларининг ёмонлашиб, ядровий урушга айланиб кетиши ҳолати учун кўрилган эҳтиёт чораси бўлган. Ердаги кузатувчилар ҳисобланган кўнгиллиларнинг вазифасига нечта ядровий бомба ташлангани ҳамда уларнинг қаерга ташаланиши мумкинлигига оид маълумотларни тўплаш кирган. Бундан ташқари, улар мамлакат бўйлаб радиация даражасини ҳам кузатишган. 

Ер остида бомба кучини аниқловчи индикатор, шунингдек  радиация даражасини кузатувчи датчик ўрнатилган бўлиб, улар ташқи дунё билан қувурлар орқали бириктирилган. Ядровий ҳужум амалга оширилган тақдирда, кўчаларда снарядлар портлаётган бир вақтда кўнгиллилар уч ҳафта давомида ўз ишларини давом эттиришлари керак бўлади. Улар сиреналар ёрдамида аҳолини яқинлашаётган ҳаво ёки ракета ҳужумидан огоҳлантиришлари мумкин бўлган. 

Бункер 1958 йилда қурилган ва 1991 йилда тарк этилган. Деворда ҳали-ҳануз кузатув ускуналарини тайёрлашга оид кўрсатмалар берилган қоғозлар осиғлиқ турибди. 

Бункерда матраслар, стул, хариталар, ёзишмалар, асбоб-ускуналар ва биринчи ёрдам кўрсатишга доир тўплам жиҳозлари мавжуд. 

Яқинда бункерда бўлган кишилардан бири у ерга тушган пайтдаги клаустрофобия ҳисси ҳақида сўзлаб берди. "Бункерга тушиш учун жасорат керак, зеро у ерга тушганда нимани кутишни билмайсан. Зинадан тушаётгандаёқ ўзимни ёмон ҳис қила бошладим. Кўнгиллилиларга қанчалик қийин бўлганини тасаввур қиляпман. Мен у ердаги совуқ урушнинг атрибутларидан ҳайратга тушдим. Худди вақт тўхтаб қолгандек бўлди". 

Бункерни тадқиқ қилган киши кўнгиллиларнинг жасоратига тан берди. "Мен бункерда атиги ярим соат бўлдим, лекин шу вақт ичида клаустрофобиянинг кучли хуружини ҳис қилдим". 

Совуқ уруш пайтидаги бункерларнинг деярли ярми - 1968 йилда, қолгани эса коммунистик блокнинг қулашидан кейин, 1991 йилда ёпилган.