Мадриднинг «Реал» клуби ҳужумкор ярим ҳимоячиси Гарет Бэйл «Тоттенҳэм»дан  «Қироллик клуби»га кўчиб ўтганидан буён тез-тез жароҳат олмоқда.

Испаниянинг EFE нашри бу борада алоҳида мақола тайёрлади ва унда уэльслик футболчининг «Реал» ўтганидан кейин неча марта жароҳат олгани санаб ўтилди. Унда тушунтирилишича, Бэйл Мадридга кўчиб келган 2013 йилдан бошлаб 15 маротаба жароҳат олган.

Бэйл жамоага келиб қўшилгач, «Реал» жами 192 расмий учрашувларда майдонга тушган. Футболчининг ўзи бу учрашувларнинг 139тасида иштирок этган. Бу умумий ўйинлар сонининг 72,39 фоизини ташкил қилади. Бэйл майдонга тушмаган ўйинларида асосан жароҳатлар бунга сабаб бўлган. Энг кўп Бэйл болдир мушакларидан жароҳат олган. «Реал» жароҳатга мойил футболчи учун ўз вақтида 100 млн. евро тўлаганди. 

Сўнгги марта Бэйлнинг Чемпионлар Лигасининг«Спортинг»га қарши учрашувида (2:1) болдир мушаклари тортилиши натижасида тўпиқ пайлари чўзилди. Катта эҳтимол билан футболчи Испания чемпионатининг 14-туридан ўрин олган «Барселона»га қарши учрашувни ўтказиб юборади.