Буюк Британия мудофаа вазири Майкл Фэллон ҳукумат 800 ҳарбий хизматчисини НАТОнинг кўпмиллатли батальони таркибига юбориш ниятини тасдиқлади. Бу батальон Болтиқбўйи республикаларидан бири Эстонияга жойлаштирилади.

23 ноябрь куни Фэллон Лондонда НАТО бош котиби Йенс Столтенберг билан учрашди. Улар хавфсизлик билан боғлиқ масалаларни ҳамда Британиянинг НАТО режаларини ҳаётга татбиқ этишдаги амалий иштирокини муҳокама қилишган. 

"Фэллон Британия НАТОнинг кўпмиллатли батальони доирасида Эстонияга 800 нафар аскарини юборишини тасдиқлади. Батальоннинг тўлиқ таркиби Франция ва Дания иштироки билан таъминланади", — дейилади Британия мудофа вазирлиги матбуот хизмати хабарида. 

НАТОнинг июль ойида Варшавада ўтказган саммитида альянс Латвия, Литва, Эстония ва Польшада, ушбу мамлакатлар ҳукуматларининг илтимосига биноан, кўп миллатли батальонларни жойлаштиришга қарор қилган эди. Унга кўра, Латвияда Канада, Литвада Германия, Эстонияда Буюк Британия, Польшада АҚШ ўз батальонларини жойлаштириши белгилаб олинганди. 

НАТОнинг Эстониядаги батальони 2017 йилнинг биринчи ярим йиллигида жойлаштирилади. Унинг таркиби 1,1 минг ҳарбий хизматчидан иборат бўлади. Бунга Британиянинг 800 нафар ва Франциянинг 300 нафар аскари киради. Кейинчалик французларни даниялик ҳарбийлар алмаштиради. Буюк Британия, шунингдек, Warrior машиналари, Challenger 2 танклари ва айғоқчи дронларни тақдим этади. Франция ҳам оғир ҳарбий техникалар юборади. Батальон Тапа ҳарбий шаҳарчасида жойлашади ҳамда Эстония мудофаа кучлари 1-пиёда бригадаси билан ҳамкорлик қилади.