Эрон Исроилни Фаластин халқига нисбатан террор уюштириш ва халқаро ҳуқуқ меъёрларини бузишда айбламоқда. БМТдаги Эрон доимий ваколатхонасининг ушбу баёноти Ливаннинг "Ҳизбаллоҳ" гуруҳини қуроллантираётгани ҳақидаги унга нисбатан айбловларга нисбатан жавоб бўлди.

Бундан аввал, Исроилнинг БМТдаги ваколатхонаси Хавфсизлик кенгашига мактуб йўллаб, Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Mahan Air авиапарвозларидан "Ҳизбаллоҳ"га қурол-яроғлар етказишда фойдаланаётганини иддао қилган эди. Исроил доимий вакили Данни Даноннинг баёнот беришича, шу билан Эрон БМТ ХК 2231-сонли резолюциясини хамда Ливан ва Исроил ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш бўйича қабул қилинган 1701-сонли резолюцияси бандларини бузган. 

Эроннинг халқаро ташкилотдаги доимий вакили Ғуломҳусайн Дегоний бу айбловларни "асоссиз даъволар" деб баҳолади. 

"Ўнлаб йиллардан бери бошқа халқларнинг ерларини босиб олган ва Фаластин халқининг асосий ҳуқуқлари, хусусан ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини рад этувчи тузумнинг даврий равишда мамлакатимни халқаро ҳуқуқни бузишда айблаши бемаънилик ва иккиюзламачиликдир", — деган Дегоний. 

"Узоқ вақтдан бери Фаластин халқини қўрқитиб, уни ўз ерида ўққа тутаётган тузум вакилининг Эронни терроризмни қўллаб-қувватлашда айблаши ҳам худди шундай бемаънилик ва иккиюзламачиликдир", — дейилади баёнотда.