Францияда Париж шаҳрида "Диснейленд" кўнгилочар боғи ва Елисей майдонларида теракт уюштирмоқчи бўлган кимсалар қўлга олинди, деб хабар бермоқда Sky News.

Терактлар 1 декабрда уюштирилмоқчи бўлган.

Қўлга олинганлар орасида 29 ёшдан 38 ёшгача бўлган французлар, марокашликлар ва афғонлар бўлган. Улар Марсель ва Страсбургда қўлга олинганлар.

Таъкидланишича, терактлар амалга оширилмоқчи бўлганини смартфон орқали узатилувчи ахборотни мониторинг қилиш орқали аниқлашга муваффақ бўлинган. Тахмин қилинишича, теракт амалга ошириладиган жой ва вақт ҳақидаги кўрсатма Суриядан олинган. 

Янги терактлар 2015 йил 13 ноябрдаги ҳужумлардан кейин амалга оширилмоқчи бўлган. Ўшанда бир вақтнинг ўзида бир нечта жойда терактлар амалга оширилган: Сен-Денидаги "Стад де Франс" стадиони ёнида портлашлар содир этилган, бир нечта ресторанда одамлар, "Батаклан" концерт залида томошабинлар ўққа тутилган. Бу терактлар оқибатида 130 киши ҳалок бўлган ва 350 дан кўпроқ киши яраланган.