ХХРнинг ишлаб чиқаришдаги хавфсизликни назорат қилиш бўйича давлат бошқармаси собиқ раҳбари Ян Дунлян 28,5 миллион юань (тахминан 4,13 миллион АҚШ доллари) миқдорида пора олиш бўйича суд олдида жавоб берди. Бу ҳақда China News Service агентлиги хабар қилган.

Суд йиғилиши Пекинда бўлиб ўтди. Айблов хулосаси кейинроқ маълум қилинади.

ХХР Олий халқ прокуратураси 2015 йилнинг ноябрида Ян Дунлянга нисбатан порахўрликда гумон қилиб, жиноий иш қўзғатганди.

Маълумот учун, Си Цзиньпин ХКП МҚ бош котиби (2012 йилнинг ноябри) ва ХХР раиси лавозимларига (2013 йилнинг марти) тайинлангач, мамлакатда коррупция билан кураш бўйича кенг қамровли кампания бошланди. Ўтган вақт давомида минглаб амалдорлар партия тартиб-интизомини бузганлик ва коррупция учун жазоланди.