Ироқнинг ал Ҳилла шаҳрида рўй берган теракт оқибатида 12 киши ҳалок бўлди, яна 10 киши шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.

Полиция берган маълумотга кўра, худкуш-террорчи миналаштирилган автомобилни Бағдод шаҳридан 100 км. масофада жойлашган АЁҚШда ҳаракатга келтирган. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходимларининг айтишича, терактдан мақсад Карбало шаҳридан қайтаётган эронлик зиёратчилар бўлган. Чунки аксари ҳолларда зиёратчилар АЁҚШ атрофида жойлашган ресторанларда овқатланишар эди.

Терактни ҳозирча ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олмаган. Аммо эронлик полициянинг тахминларига кўра, фожиага ИШИД террорчилик ҳаракати алоқадор бўлиши мумкин.