Исроил суди чоршанба куни 16 ёшли фаластинлик қизни 13 ярим йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди. Daily Sabah нашри шу ҳақида хабар берди

Манбага кўра, Қуддус округ суди 16 ёшли Нурхон Аввадни ўтган йилнинг ноябрида пичоқ билан ҳужум қилганликда айблаб, 13 ярим йиллик қамоқ жазосини ўташ ҳамда 8000 доллар жарима тўлаш ҳақида ҳукм чиқарди.

"Нурхон ҳужум уюштирилган жойда қўлга олинган, амакисининг ўғли Одил Аввад эса ўша жойнинг ўзидаёқ полиция томонидан отиб ўлдирилган", - дейилади манбада. 

Фаластин расмийларининг маълумотларига кўра, 7000дан ортиқ фаластинлик, шу жумладан 350 нафар вояга етмаган бола бугунги кунда бутун Исроил бўйлаб қамоқ жазосини ўтамоқда. 

Яна икки фаластинлик маҳбус - 29 ёшли Аҳмад Абу Фара ва 19 ёшли Анас Шадида Исроил қамоқларидаги доимий "маъмурий ушлаб турилиш"дан норозилик белгиси сифатида 60 кунлик очлик эълон қилишди.

Маҳбуслар жамиятида айтилишича, уларнинг аҳволи ёмонлашган. "Очлик эълон қилган икки фаластинлик тиббий текширувдан ўтиш ҳамда дармондорилар қабул қилишдан бош тортмоқда", - дейилади хабарда. 

Исроилнинг "маъмурий ушлаб турилиш" сиёсатига кўра, маҳбуслар бир йил давомида айблов ёки судсиз қамоқда сақланиши мумкин. 

Бугунги кунда Исроил қамоқларидаги 7000 фаластинликдан тахминан 700 нафари маъмурий тартибда қамоқ жазосини ўтамоқда.