Италиянинг Ferrero қандолат компанияси матбуот томонидан тарқатилган хабар юзасидан ички тергов ишларини йўлга қўйди. ОАВда кўпчилик учун севимли бўлиб қолган "Киндер-сюрприз" шоколадларини ишлаб чиқаришда болалар меҳнатидан фойдаланганлик ҳақида маълум қилинган. ABC телеканалида шу ҳақида хабар қилинди

Компания ходимларининг ишонтириб айтишича, унинг ички қоидалари болалар меҳнатидан фойдаланишни тақиқлайди ва маъмурият шартнома бўйича ҳамкорлик қилувчи пудратчи фирмаларнинг бу қоидаларга амал қилишини назорат қилади. 

"Биз Руминияда бундай тажрибанинг қўлланиши борасидаги гап-сўзлардан шокка тушдик ва бундан қаттиқ ташвишдамиз, - дейди Ferrero компанияси вакили. - Биз ҳақиқат қарор топиши учун дарҳол ички тергов ишларимизни бошлаб юбордик".

Бундан аввал Британиянинг The Sun газетаси Руминияда "Киндер-сюрприз" шоколад тухумларининг ичига жойланадиган ўйинчоқнинг елим контейнерларини вояга етмаган болалар қадоқлаётгани ҳақида хабар берганди. Газета журналистлари Руминия оиласидан интервью олишган. Маълум бўлишича, уларнинг 3 нафар фарзанди (6 ёшдан 11 ёшгача) пудратчи-фирмаларнинг биридан материалларни олиб, шу иш билан шуғулланган. Оила аъзолари қадоқланган ҳар мингта ўйинчоқ учун 20 лей (6,33 АҚШ доллари) олишган.