Қозоғистон ривожига 25 млрд евро киритишга ваъда берган миллиардер ҳозирча пули йўқлигини тан олди. Байбек Шимирбаев NUR.KZ мухбирига шунча маблағни қаердан олиб беришини айтиб ўтган.

Эслатиб ўтамиз, Жанубий-Қозоғистон вилояти ҳокими билан учрашувда Шимирбаев ҳудуд ривожи учун 5 млрд евро беришга тайёрлигини маълум қилиб, барчани ҳайрон қолдирганди.

Миллиардер Қозоғистон мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан мамлакат президентига ҳам қимматбаҳо совға қилишини ваъда берди.

Нашр мухбири билан телефондаги суҳбатда Байбек Шимирбаев бу мақсад учун ҳукумат грантидан фойдаланилишини маълум қилди.

“Менга ҳукумат гранти беришгач, пулларни бераман. Улар Россия ва Европанинг санкциялардан махфий маблағлари бўлиб, Қозоғистон орқали чиқариб олишади.
Бундай схема умумий сумманинг 70 фоизини чиқариб беради. 15 фоизи эса банкда ушлаб қолинади. Тушунарлики, 15 фоиз менда қолади. Айнан шу фоизни мен йўналтираман.

Бу ўзим ишлаб чиққан мураккаб схемадир. Ҳукуматдан грант олгач, пулларни Қозоғистонга эркин равишда йўналтираман. Пулларни эса сармоядорлардан оламан.

Улар билан 15 йил аввал Москвада танишиб, алоқа ўрнатиб бўлгандим. Мен саноат, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида тадбиркорлик билан шуғулланаман.

Президентга хат йўлладим. Нурсултон Абишевич уни кўргач, мени чақиради ва пуллар ҳақида сўзлаб бераман”, - дея айтиб ўтди Байбек Шимирбаев.

Жанубий Қозоғистон вилояти ҳокими билан учрашувда Шимирбаев Олмаота ҳокими Бауиржан Байбекка 10 млрд евро берганини маълум қилди.

Бироқ, маълум бўлишича “миллиардер” Олмаота раҳбарига фақатгина хат жўнатган. Унда шаҳар ривожига мўлжалланган пулларни 24 октябрда бериш нияти ҳақида сўз юритилади.

Бир ойдан бери жавоб олмаган тадбиркор бироз тушкун кайфиятда.

“Мен Бауиржан Байбекка шаҳар ривожи ва Капшағайда аэропорт қурилиши учун 10 млрд евро беришни таклиф қилдим. Бу янги турдаги, замонавий ва жуда ҳам қулай аэропорт бўлади”, - айтиб ўтди у.

Эслатиб ўтамиз, Шимирбаевнинг мамлакат иқтисодиётининг ривожи учун 25 млрд евро бериш ҳақидаги таклифи аксарият қозоғистонликларни ҳайратлантирди.