Агар Deutsche Lufthansa AG авиакомпаниясининг норозилик билдираётган учувчиларининг барча шартлари бажарилса, компанияда омон қолишга ҳеч қандай имконият бўлмайди, деб ҳисобламоқда авиакомпания бош директори Карстен Шпор.

21 ноябрда учувчилар ва борткузатувчиларни бирлаштирувчи Cockpit (VC) касаба уюшмаси 23 ноябрда бир кунлик иш ташлаш акцияси бўлишини эълон қилганди. Кейинроқ эса норозилик акцияси 25 ноябрь кечки пайтгача давом этиши маълум бўлган. Lufthansa иш ташлаш вақтида 912 та рейсни бекор қилишга мажбур бўлмоқда.

"Охирги ойлар биз турли яхшиланган таклифларни билдирганмиз. Ечимга фақатгина ҳакамлик суди орқали келиш мумкин", деб айтди Шпор "Блумберг" ахборот агентлигига  берган интервьюсида. 

"Биз яна ўсиш учун имкониятга эга бўлмоқчимиз. Бу биз интилаётган нарсадир. Биз қисқартиришларни тўхтатиб, компаниянинг яна ўсишига эришмоқчимиз. Буни қилишимиз учун бизга рақобатбардош тузилмалар зарур", деб айтган Шпор. Унинг айтишича, иш ташлаш кунига 10 млн доллар зиён келтириши мумкин.

Lufthansa Group Европадаги энг йирик авиакомпаниялардан бири бўлиб, унинг бош қароргоҳи Германиянинг Кёльн шаҳрида жойлашган. Охирги маълумотларга кўра, компания штати 124,192 минг кишидан иборат. Касаба уюшмаси компания билан 5 йилдан бери маошларнинг ҳар йили 3,66 фоизга оширилиши бўйича музокаралар олиб бормоқда.