Бугун Европада нуфузи жиҳатдан иккинчи ўринда турадиган Европа лигасининг 5-тур учрашувлари бўлиб ўтади. Tribuna.Uz барча 24та учрашув анонси билан таништириб ўтади.

А гуруҳи
Фенербаҳче - Заря (Тошкент вақти билан 21:00, Матч! Футбол 1)
Манчестер Юнайтед - Фейеноорд (01:05, Матч ТВ)

Гуруҳнинг учинчи жамоаси «МЮ» ўзи учун жуда муҳим ўйинда «Фейенорд»ни мағлубиятга учратса, кейинги босқичга чиқиш учун яхши имконият ҳосил қилади. 7 очко билан гуруҳда пешқадамлик «Фенербаҳче» клуби бугун ғалаба қозонган тақдирда плей-офф йўлланмасини нақд қилади.

В гуруҳи
Астана - АПОЭЛ (21:00, Матч! Футбол 2)
Олимпиакос - Янг Бойз (01:05)

4 очко билан 3-ўринда бораётган «Янг Бойз» плей-офф босқичига чиқиш имкониятини сақлаб қолиши учун жуда қийин йўлни босиб ўтиши керак. 7тадан очко жамғарган «АПОЭЛ» ва «Олимпиакос»да эса бу борада имконият кўпроқ. Қозоғистоннинг «Астана» клуби эса фақат мўъжиза эвазигагина баҳорги мавсумда иштирок эта олиши мумкин

С гуруҳи
Ғабала - Андерлехт (21:00, Матч! Футбол 3)
Сент-Этьен - Майнц (01:05, Матч! Футбол 3)

Аутсайдер уйида меҳмон бўладиган «Андерлехт» ғалаба қозонган тақдирда очколари сонини 11тага етказиб олади ва ўз олдига қўйган мақсадига муддатидан олдин етишади. «Сент-Этьен» ва «Майнц» жамоалари учрашувида эса немислар кейинги босқичга чиқиш имкониятини сақлаб қолиши учун фақат ва фақат ғалаба қозонишлари керак бўлади.

D гуруҳи
Зенит - Маккаби Тель-Авив (21:00, Матч ТВ)
Дандолк - АЗ Алкмаар (01:05)

«Зенит» 4та юз фоизлик натижа билан гуруҳда 1-ўринни ҳам нақд қилиб бўлган. иккинчи йўлланма учун эса уччала жамоа ҳам курашни давом эттирмоқда. «Дандолк» бугун ўз уйида ғалаба қозонган тақдирда кейинги босқич учун жуда катта қадам ташлаган бўлади. Бу гуруҳда иккинчи йўлланма тақдири сўнгги турда ҳал бўлиши кутилмоқда.

Е гуруҳи
Рома - Виктория Пльзень (01:05, Матч! Футбол 2)
Аустрия - Астра (01:05)

Гуруҳда 8 очко билан пешқадамлик қилаётган «Рома» 3 очко билан сўнгги ўринни эгаллаб турган чех клубига қарши ўйнайди. Учрашувда римликларни дуранг ҳам қаноатлантиради. Сабаби 2-3 ўринларда бораётган «Аустрия» ва «Астра» жамоалари ўзаро ўйинда ўйнаб, кўпи билан биттаси сўнгги турда «Рома»ни қувиб ўта олиш имкониятига эга бўлиши мумкин.

F гуруҳи
Генк - Рапид Вена (01:05)
Атлетик - Сассуоло (01:05)

Энг кескин кураш кечаётган гуруҳда 6тадан очко тўплаган икки етакчи ўз уйида ўйнайди. 5тадан очкога эга бўлган «Рапид» ва «Сассуоло» курашни давом эттириши учун бугун камида мағлубиятга учрамасликлари керак бўлади

G гуруҳи
Сельта - Стандард (23:00 Матч! Арена)
Аякс - Панатинаикос (23:00)

Муддатидан олдин кейинги босқич масаласини ҳал қилган «Аякс» бир йўла биринчи ўринни кафолатлаши учун юнон клубини мағлубиятга учратса кифоя. Нидерландлардан беш очко ортда қолаётган икки жамоа «Сельта» ва «Стандард» Испанияда иккинчи йўлланма учун ўзаро баҳсда масалага ойдинлик киритиб олади.

H гуруҳи
Шахтёр - Кўняспор (23:00)
Гент - Брага (23:00)

Худди «Зенит» каби 100 фоизлик натижа кўрсатган «Шахтёр» гуруҳни биринчи ўрин билан якунлаш масаласини ҳам ҳал қилиб қўйган. Аутсайдер «Кўняспор»га қарши ўйин украинлар учун ҳеч нарсани ҳал қилмайди. Фақат турк жамоаси жуда кам бўлсада сақланиб қолган имконият учун курашиши мумкин. Бунинг учун эса иккинчи йўлланмага даъвогарлик қилаётган «Гент» ва «Брага» жамоалари ўзаро дуранг ўйнаши лозим. Аммо бельгияда бўлиб ўтадиган учрашувда «Гент» кейинги босқичга чиқиш имкониятини сақлаб қолиши учун ғалаба қозониши керак. «Брага» ғалаба қозонган тақдирда жамоа 8 очко тўплаб плей-офф йўлланмасини нақд қилиб қўяди.

I гуруҳи
Краснодар - Ред Булл (23:00, Матч ТВ)
Шальке-04 - Ницца (23:00, Матч! Футбол 3)

Одил Аҳмедов иштирок этаётган «Краснодар» кейинги босқич масаласини деярли ҳал қилиб қўйиши учун «Ред Булл»га қарши учрашувда ғалаба қозониши жуда муҳим. Клуб рамзларида буқалар тўқнашуви акс этган икки «буқалар жанги»да мезбонлар ғалаба қозонга тақдирда очколари сонини 9тага етказиб олади. Агар «Ницца» барча масалани ҳал қилиб бўлган «Шальке» уйида ғалаба билан қайтган тақдирда ҳам жамоа ҳисобидаги очколар сони 6тага етади. Сўнгги турда «Краснодар»ни қабул қиладиган Балотелли жамоаси кейинги босқичга чиқиши учун энг камида 3:0 ҳисобидаги йирик натижа билан ғалаба қозониши керак бўлади. Аммо 4та учрашувда 100 фоизлик натижа қайд этган немис клубининг ўз уйида шунчаки «Ницца»га ютқазиб қўйишига ҳам ишониш қийин.

J гуруҳи
Фиорентина - ПАОК (23:00 Матч! Футбол 2)
Слован Либерец - Қорабоғ (23:00)

«Фиорентина» кейинги босқич масаласини буткул ҳал қилиши учун ПАОКка қарши учрашувда дуранг натижа қайд этса ҳам кифоя қилади. Бироқ гуруҳ ғолиблиги учун курашда ғалаба жуда зарур. Сабаби Озарбойжоннинг «Қорабоғ» жамоаси сўнгги икки учрашувда ПАОКдан устун келиб ўз имкониятларини жуда яхшилаб олди (7очко) ва италияликларни изма-из таъқиб қилиб келмоқда. «Фиорентина» ПАОКни мағлуб этган тақдирда озарларни «Слован» билан ўйинда бир очко ҳам кейинги босқичга чиқиши учун етарли бўлади.

K гуруҳи
Хапоэль Беер-Шева - Интер (23:00)
Спарта Прага - Саутҳемптон (23:00)

«Интер» плей-офф йўлланмаси учун имкониятларини сақлаб қолишни истаса, Исроилдан ғалаба билан қайтиши шарт. Аммо шунда ҳам сўнгги турда барчаси уларнинг ўз қўлида қолмайди. 9 очко билан гуруҳда пешқадамлик қилаётган «Спарта» ўз уйида 7 очкога эга «Саутҳэмптон»ни мағлуб этса, ёки дуранг ўйнаган тақдирда италияликлар чех клубига ета олишмайди. Сўнгги турда эса Клод Пьюэл шогирдлари Исроил клубини ўз уйида мағлуб этиб «Интер»нинг барча истакларини пучга чиқариши мумкин. Умуман тўртта учрашувда бор-йўғи 3 очко тўплаган «Интер»дан «Хапоэль» уйида ғалаба кутиш ҳам унчалик тўғри эмасга ўхшаб турибди.

L гуруҳи
Цюрих - Вильярреал (23:00 Матч! Футбол 1)
Стяуа - Усмонлиспор (23:00)

Европа лигаси кашфиёти «Усмонлиспор» бу турда «Стяуа» меҳмони бўлади. ғалаба туркларга плей-офф эшикларини очади. Руминияликлар эса уч очкони қўлга киритган тақдирда жами 6 очко тўплаб курашни сўнгги тургача давом эттириш имкониятига эга бўлади. 5 очкодан тўплаб гуруҳда 2-3 ўринларни бўлишиб турган «Цюрих» ва «Вильярреал» жамоалари тўқнашуви ҳам кўп масалага ойдинлик киритиб бериши кутилмоқда.