Нью-Йорк полицияси Миннатдорчилик байрами муносабати билан ўтказиладиган 90-парад намойишини муҳофаза қилиш мақсадида қум тўлдирилган юк автолари, радиация детекторлари, махсус ўргатилган итлар ва оғир қуролланган аскарлардан фойдаланади. Намойишчиларни ИШИД террорчиларидан ҳимоялаш мақсадида барча чоралар кўрилди. Бу ҳақида Reuters маълум қилди. 

Расмийлар парадда 3,5 миллион киши иштирок этишини тахмин қилишмоқда. Ҳар йили Манхэттенда бўлиб ўтадиган ушбу тантана миллий телевидение орқали намойиш этилади. 

Манбага кўра, ИШИД билан курашиш учун 82та қум тўлдирилган юк машинаси жалб этилган. 

ИШИД террорчи гуруҳи Rumiyah интернет-журнали орқали Ниццадаги намойишда 80дан ортиқ кишининг ҳаётига зомин бўлган террорчи каби одамларни ўлдириш ва уларга жароҳат етказиш учун автотранспорт воситаларидан фойдаланишга чақирган. 

Полиция шунингдек янги сайланган АҚШ президенти Дональд Трампга қарашли Trump Tower, уйлар ва штаб-квартира кампанияси жойлашган ҳудудларни ҳимоя қилишда қум тўлдирилган юк машиналаридан фойдаланади. 

Манбага кўра, жорий йилда полиция ўтган йиллардан фарқли ўлароқ намойиш бўлиб ўтадиган майдонда транспорт воситалари ҳаракатини чеклайди. 

"Биз одамлар хавфсизлигини таъминлашимиз учун маош оламиз ва эртага уларни хавфдан ҳимоя қилишга тайёрмиз", - деди полиция комиссари Жеймс О'Нил.