Россия халқлар дўстлиги университетида жорий йил 4-декабр куни Ўзбекистонда ўтказиладиган Президент сайловларига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.

Мамлакатимизнинг Москвадаги дипломатия ваколатхонаси томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда Россия халқлар дўстлиги университетида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар иштирок этди. Улар республикамизнинг ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётида рўй бераётган муҳим воқеаларга доир атрофлича маълумотлар билан танишдилар. Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўладиган навбатдан ташқари сайловга тайёргарлик ва уни ўтказиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди. 

Тадбирда сўзга чиққанлар сайлов жараёнида очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик тамойиллари таъминланиши борасидаги саъй-ҳаракатларга атрофлича тўхталдилар. Таъкидланганидек, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, сайлов комиссиялари ўз фаолияти юзасидан фуқароларни хабардор этишади, сайловчилар ва унда иштирок этаётган сиёсий партиялар рўйхатини, Президентликка номзодлар ҳақидаги маълумотларни тақдим этади.

Шу ўринда Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси ҳузурида 26-сайлов участкаси ташкил этилгани маълум қилинар экан, Россия олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар ҳамда Россия ҳудудида бўлиб турган мамлакатимиз фуқаролари олдинда турган сайловга оид барча маълумотлар билан танишишлари ва шу йил 4-декабр куни ташкил этиладиган овоз беришда қатнашишлари учун ҳамма шароитлар яратилгани билдирилди.
Шунингдек, брифинг иштирокчилари давлат раҳбари лавозимига номзодларнинг сайловолди ташвиқотининг олиб борилиши қоидалари, сайлов жараёнида очиқлик ва ошкоралик таъминланишида оммавий ахборот воситалари тутадиган ўрин ҳақидаги маълумотлар билан ҳам яқиндан танишдилар.

Тадбир қатнашчилари Ўзбекистонда олдинда турган сайловлар юксак ташкилий-ҳуқуқий ва моддий-техникавий даражада, очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик тамойилларига мувовиқ равишда ўтиши учун барча зарур шароитлар яратилгани юзасидан якдил фикр билдиришар экан, бу, ўз навбатида, мамлакатимизда демократик ислоҳотларнинг янада чуқурлашишида муҳим омил бўлишини таъкидладилар. 

Хусусан, Россия халқлар дўстлиги университетининг 3-босқич талабаси Муҳаммад Ҳамидов ўз чиқишида бундай ахборот тадбирларининг ўтказилиши Ватанимиз ҳудудидан ташқарида бўлган ёшлар учун жуда фойдали ва зарур эканлигини қайд этди. “Биз бугунги учрашув чоғида Ўзбекистон ҳаётининг барча соҳаларида ҳаётга тадбиқ этилаётган ислоҳотларга оид зарур маълумотларни олдик. Биз ўқишимизни тезроқ тамомлашни ва ўз уйимизга қайтишни, мамлакатимиз тараққиётига ўз ҳиссамизни қўшишни истаймиз. Давлатимиз раҳбари лавозимига сайловлар биз учун ва бизнинг келажагимиз учун катта аҳамиятга эга. Шу боис биз 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган ушбу муҳим сиёсий тадбирда фаол қатнашамиз”, деди у. 

“Жаҳон” АА