АҚШ йўл хавфсизлиги миллий маъмурияти (NHTSA) мобиль гаджетлар учун ҳайдовчиларга машина ҳайдаш вақтида камроқ чалғишга имкон берувчи ўзига хос режим – Driver Mode яратишни таклиф қилди. Бу ҳақда ташкилотнинг расмий сайтида маълум қилинди

Тахмин қилинишича, мобиль гаджетларнинг "авиа-режим" муқобили ҳайдовчилар зарур функцияларни тез ва осон топишлари учун смартфон интерфейсини соддалаштиради. Мутахассисларнинг фикрича, бундай ечим ҳайдовчилар гаджетлардан фойдаланишга сарфлайдиган вақтни анча камайтиради.

NHTSA’да гаджетнинг бу режими ҳам қўл билан, ҳам автоматик равишда фаоллашиши керак, деб ҳисоблашмоқда. Мисол учун, қурилма автомобилнинг мультимедиа мажмуасига уланган бўлиб, автомобиль эса ҳаракатланишни бошлаганда. 

Лойиҳа яратувчиларининг ғоясига кўра, Driver Mode нафақат мобиль қурилма интерфейсини соддалаштириши, балки ҳайдаш вақтида баъзи функцияларни тўлиқ ўчириб қўйиши зарур. Мисол учун, видео ва суратлар кўриш, китоблар ўқиш учун дастурларни ўчириб қўйиш.

Бундан аввал АҚШнинг йўл хавфсизлиги жамғармаси AAA Foundation of Traffic Safety чоп этган тадқиқотга кўра, автомобилнинг баъзи функцияларини овоз орқали бошқариш ҳайдовчиларни машина ҳайдаш вақтида мобиль гаджетдан фойдаланишдан кўра кўпроқ чалғитар экан.