Шимолий муз океани экологияси глобал иқлим исишидан жиддий ўзгаришларга учради. Ва буларнинг барча минтақадаги барча ҳайвонот дунёси, моржлар, қутб айиқлари ва китларга таъсир кўрсатмоқда. 

The New York Times нашрининг ёзишича, америкалик олимларнинг тадқиқотлари натижасига кўра, ноябрь ойида "океаннинг юқори кенгликларидаги ҳаво ҳарорати меъёрдагидан юқори бўлган, муз қатлами майдони эса йиллик ўртача кўрсаткичдан 28,5 фоизга қисқарган".

Ҳозирда, Арктикадаги муз майдони 1979 йилдан бери энг кичик ҳудудни эгалламоқда. "Муздан ҳоли бўлган ҳудудлар майдони Техас ва Аляска штатларининг умумий майдонига тенг", -деб жар солган The New York Times нашри. Унинг ёзишича, акваторияда сув ўтлари тобора кўпайиб бормоқда. 

Сан-Диегодаги Калифорния университети океаншунослари 1997-2015 йиллардаги сунъий йўлдошлар ёрдамида олинган ҳудуд суратларини ўрганиб, Арктикадаги сув ўтлари ҳажми 47 фоизга кўпайганини таъкидлашмоқда. Бундан ташқари, уларнинг фаол ўсиш даври тобора вақтлироқ бошланмоқда.  

Шу билан бирга, айрим ҳудудларда муз қалинлиги шунчалик қисқарганки, ундан ўтаётган қуёш нурлари сув ўтларининг муз остида ўсишига етарли бўлаяпти. Бу эса, қушлар ва китларнинг кўчиш йўналишларини ўзгаришига олиб келиши мумкин.