Яқиндагина Исроил билан дипломатик муносабатларини қайта тиклаган Туркия у ердаги ёнғинларни бартараф қилиш учун катта самолётларни йўллашни таклиф қилди. Бу ҳақида The Jerusalem Post нашри хабар берди

Икки мамлакат ўтган ҳафтада янги элчиларини тайинлаб, дипломатик муносабатларни қайта йўлга қўйганди. Туркия 2010 йилнинг декабрида, мамлакатлар ўртасидаги дипломатик инқироз пайтида ҳам Кармелдаги ўрмонда ёнғин чиққанда Исроилга икки самолётини жўнатган эди. 

2011 йилда Исроил Туркиядаги кучли зилзиладан сўнг мобил уйларни ёрдам тариқасида тақдим этганди. Бироқ 2014 йилги тоғдаги ҳалокатдан кейин Туркия бир қатор мамлакатлар қаторида Исроилнинг кўмагини ҳам инкор қилганди. Ўшанда 301 киши бахтсиз ҳодиса қурбони бўлган. 

Манбага кўра, Исроил Туркиянинг ёрдам тариқасида таклиф қилган самолётларини ўт ўчиришга жалб қилади. Мамлакат бош вазири Беньямин Нетаньяху Туркиянинг таклифини жуда юқори баҳолашини таъкидлади. 

Шунингдек Нетаньяху Исроилнинг ёрдам кўрсатиш борасидаги илтимосига ижобий ва оператив ёндашган Россия президенти Владимир Путинга йўлланган самолётлар учун миннатдорчилик билдирди. Путин Россиянинг икки ўт ўчирувчи гигант самолёти дарҳол Исроилга жўнатилишини маълум қилган. 

Шундай қилиб, Россия ва Туркия Исроилга ўз самолётларини йўллаб, Греция, Италия, Хорватия ва Кипр қаторига қўшилишди. Умумий ҳисобда, Исроилдаги ёнғинларни ўчиришга 10 самолёт жалб қилинди.