Тошкентда Ўзбекистонда асаларичиликни ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт имкониятларини кенгайтиришга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан ташкиллаштирилди, деб хабар бермоқда ЎзА. 

Савдо-саноат палатаси раиси А.Шайхов ва бошқалар мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар бозорнинг тўйинганлигини таъминлаш, аҳолига сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотларини етказишга хизмат қилишини таъкидлаб ўтдилар. Жумладан, асаларичиликни янада ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, ушбу соҳада илғор тажрибанинг оммалаштирилиши ўзининг ижобий натижаларини бермоқда.

Айни вақтда Ўзбекистонда 11940 та асаларичилик субъекти рўйхатдан ўтган, асал олиш ҳажми 12,9 минг тоннадан кўпроқни ташкил қилмоқда.

Ўзбекистон иқлими бу соҳани ривожлантириш учун ҳар томонлама қулайдир. Кейинги йилларда уни ривожлантириш учун зарур имтиёзлар тақдим этилган. Асаларичилик билан шуғулланувчи тадбиркорлар ва фермерларга банк кредитлари ажратилмоқда. Соҳанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, инвестицияларни жалб қилиш, ихтисослаштирилган асаларичилик хўжаликлари сонини кўпайтириш, ички бозорни сифатли асал билан етарли миқдорда таъминлаш учун имкониятлар яратилган.