Жанубий Корея прокуратураси ходимлари Жанубий Корея президенти Пак Кин Хе ва унинг дугонаси Цой Сун Силь атрофидаги коррупцион можаро туфайли мамлакатдаги энг йирик конгломератлар бўлган Lotte ва SK Group офисларида тинтувлар ўтказдилар.

"Рёнхап" ахборот агентлиги маълумотларига кўра, тинтув вақтида идораларда компанияларнинг солиққа тортилмаган бизнес йўналишларига тегишли бўлган маълумотларни сақловчи қаттиқ дисклар ва ҳужжатлар мусодара қилинган. Терговчилар конгломератларни Цой Сун Силга тегишли бўлган иккита нотижорат ташкилоти ҳисоб рақамларига пул ўтказганликда гумон қилмоқдалар.

Жанубий Корея прокуратураси бундан аввал худди шу сабабларга кўра давлат пенсия жамғармаси ва Samsung компанияси бош қароргоҳларида тинтувлар ўтказганди.