2016 йилги “Формула-1” машиналаридаги автопойгалар жаҳон чемпионатининг сўнгги, 21-босқичи – Абу-Даби Гран-приси жума куни иккита эркин амалиёт билан бошланади.

Жорий мавсумда интрига сўнгги пойгага қадар сақланиб қолди. “Мерседес” пилотлари британиялик Льюис Хэмилтон ва немис Нико Росберг чемпион номини ҳалигача ойдинлаштириб олишмаган. Абу-Дабига немис спортчиси етакчи сифатида ташриф буюрди. Умумий натижаларга кўра, Росберг жамоадошини 12 очкога ортда қолдирмоқда.

Ўз фаолиятидаги биринчи совринни қўлга киритиш учун у пойгани учинчи ўринда якунлаши лозим. Уч карра жаҳон чемпиони бўлган Хэмилтон эса чиқишда энг камида тўртинчи ёки финишда Росберг топ-10 лигидан жой олиши шарт. 

Эслатиб ўтамиз, “Формула-1” жадвалидаги Абу-Даби босқичи етти йил аввал, 2009 йилда пайдо бўлди. Унинг энг асосий хусусияти – пойга кун ва тун алишаётган пайт ўтказилади. Пилотлар қуёш нурлари остида стартга чиқиб, сунъий ёритиш тизими ишлаётган маҳал финишга етиб келишади. Бу ердаги еттита пойгадан учтаси германиялик Себастьян Феттелнинг фойдасига ҳал бўлган.