Apple компанияси 2016 йилда реклама кетган харажатларини ошкор қилмади. Бу ҳақида Business Insider нашри корпорациянинг АҚШ биржалар ва қимматбаҳо қоғозлар комиссияси (SEC) ҳисоботига асосланиб, хабар берди

"Реклама харажатлари" бўлимида Apple бу пулларнинг "тижорат, умумхўжалик ва маъмурий харажатлар"га (SG&A)тааллуқли эканлигини кўрсатган. Ҳисоботга кўра, SG&A харажатлари 2016 йилда 1 фоизга қисқарган ва 14,1 миллиард долларни ташкил қилган. 2015 йилда ходимлар маошларини ҳам ўзида жамлаган бу кўрсаткич 19 фоизга ўсганлиги кузатилган. 

Ҳисоботда Apple 2016 йилда SG&A харажатларининг камайишини "дискрецион ва реклама харажатларининг қисқариши" билан изоҳлаган. 

Бироқ Apple томонидан SG&A харажатларини қоплашга ажратилган даромад улуши бир фоизли пунктга ўсган ва 7 фоизни ташкил қилган. Wells Fargo таҳлилчиларининг тахминларига кўра, Apple рекламага сарфланган харажатларини яширишга уринган. Уларнинг фикрича, компания умумий даромадни ошириш мақсадида рекламага кўпроқ пул сарфлаган. 

2015 йилда Apple'нинг харажатлари 50 фоизга ошган ва рекорд даражадаги 1,8 миллиард долларга етган. Wells Fargo'да таъкидланишича, компания рекламага кетган пулларга оид маълумотларни ошкор қилишни истамаганлиги туфайли бу харажатларни қоплаш даромаднинг қанча улушини ташкил қилишини кузатиш қийинроқ кечади. 

Манбада таъкидланишича, компаниялар SG&A харажатлари бўлимида реклама харажатларига оид маълумотларни ошкор қилишга мажбур эмас. Аксарият корхоналар рақибларидан бу маълумотларни яшириш мақсадида ана шундай йўл тутишади. Apple нашрга бу борада ҳеч қандай изоҳ бермади.