Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг баёнот беришича, ЕИ турк ҳукуматига қарши сиёсатини даво эттирадиган бўлса, муҳожирлар учун Европа чегараларини очиб юборади, деб хабар қилмоқда Reuters агентлиги.

Европарламент 24 ноябрда қабул қилган резолюциясида Туркияни ЕИга қабул қилиш бўйича музокараларни тўхтатишга чақирган эди. Бунга Туркия ҳукуматининг юритаётган сиёсати сабаб қилиб кўрсатилган эди. Бу Анқаранинг кескин баёнотига асос бўлди. Хусусан, бош вазири Бинали Йилдиримнинг сўзларига кўра, бу ҳужжат Туркия учун ҳеч қандай ҳуқуқий кучга эга эмас. 

"Қадам ташланди: Туркия ЕИга кирадими ёки йўқ? 30-40 киши тўпланиб, "йўқ" дейишди. Сиз ҳеч қачон ўзингизни инсонийлик жиҳатидан тўғри ва адолатли тутмагансиз. Биз 3 млн қочқинни қабул қиламиз, сиз эса 50 минг киши ўтишга уринса, девор қуришни бошлайсиз. Яхшилаб эшитиб олинг, агар сиз яна шундай давом этсангиз, чегара пунктлари очилади", — деган Эрдўған Истанбулда бўлиб ўтган "Аёл ва демократия" халқаро конференциясидаги учрашувида.