Франция собиқ бош вазири, Бордо шаҳри ҳокими Ален Жюппе расмий Парижнинг жаҳон сиёсатидаги етакчилик ўрнини тиклашга ваъда бермоқда. У давлат раҳбарлигига сайланса, шу мақсадга қаратилган ташқи сиёсат олиб боради, дея хабар қилмоқда РИА «Новости» агентлиги.

Жюппенинг таъкидлашича, у етакчилик қиладиган Франция ўз ҳаракатларида эркин бўлади ҳамда Париж Москва ва Вашингтондан бирини танлашга мажбур бўлмайди. 

«Франция ўзлигини сақлаб қолиши керак. Мен у ёки бу томон тарафдори эмасман.  Франция узоқ вақтлар давомида бўлганидек, жаҳоннинг етакчи давлатларидан бири бўлиши лозим. Биз БМТ ХКнинг доимий аъзосимиз. Ядровий давлатмиз, бизнинг дипломатиямиз жуда фаол. Бироқ, иқтисодиётимиз заиф. Мен Франция овозини кучайтиришни, иқтисодий имкониятларимизни тиклашни, ҳамкорларимиз ишончини оқлашни хоҳлайман. Шундан сўнг, биз ҳаракатларимизда эркин бўламиз ва Вашингтон ҳамда Москвадан бирини танлашга мажбур бўлмаймиз», — дея баёнот берган собиқ бош вазир Франция президентлиги учун илк сайловолди дебатларида. 

У, шунингдек, Париж АҚШнинг яқин иттифоқчиси бўлиб қолаётганига қарамай, Вашингтонни савдо, хавфсизлик ва геосиёсатда фақатгина ўз манфаатлари қизиқтиришини таъкидлаган.