25 ёшли аёл ва унинг икки фарзанди Лесбос оролидаги Мориа қочоқлар вақтинчалик тураргоҳида газ баллонининг портлаши туфайли ҳалок бўлишди. Ҳодиса ёнғинни келтириб чиқарди, деб хабар берди Грециянинг Skai телеканали.

Унинг маълумотларига кўра, айни дамда лагердан барча кишилар хавфсиз жойга кўчирилган. Таъкидланишича, ўт ўчириш хизмати ходимлари оловни тезда бартараф этишди.

Ҳодиса пайшанбадан жумага ўтар кечаси, аёл газ плитасида таом тайёрлаётган пайт содир бўлган. Аввалроқ, камида уч бола ва ўша пайтда чодирда бўлганлар жиддий жароҳат олгани хабар берилганди.

Ҳуқуқ-тартибот идораларининг тахминий маълумотларига кўра, баллон портлаши тураргоҳда ёнғинни келтириб чиқарди.

Эслатиб ўтамиз, сентябрда Лесбосдаги муҳожирлар лагерида кучли ёнғин рўй берган. Унда яшовчи уч-тўрт минг нафар инсон оловдан қутулиш учун қочиб кетишди. Полиция хабарига кўра, ўшанда ҳодисага атайин ўт қўйиш сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Маълумот учун, айни дамда Лесбосда, Туркия ва ЕИ ўртасидаги келишувга асосан деярли олти минг муҳожир бор. Европа Иттифоқидан бошпана ололмаган хорижликлар Туркияга чиқариб юборилиши кутилмоқда.