Хитойда антиқа темир йўл ишга туширилди. Нима учун антиқа дейсизми? Биринчидан, бу темир йўл осма монорельс (бир изли) кўринишида яратилган. Иккинчидан, унда ҳаракатланувчи вагонлар литий батареялардан қувват олади. Учинчидан эса поездлар катта пандалар кўринишида ишланган. 

Ушбу темир йўл ишга туширилган Сичуань вилояти катта пандаларнинг ватани ҳисобланади. У ерга ушбу бамбук айиғини кўргани бутун дунёдан минглаб одамлар ташриф буюради. Ушбу вилоятда дунёдаги бутун пандаларнинг учдан икки қисми яшайди. 

Антиқа панда-поезд ўз ичига 230 йўловчини сиғдира олади. Унинг тезлиги 60 км/соатни ташкил қилади. Темир йўлнинг узунлиги ҳозирча 1,4 км ни ташкил қилмоқда. У ҳозирча фақатгина ходимлар ва журналистларга очиқ. ShanghaiDaily нашрининг маълум қилишича, янги поезд синов тарзида 10 минг км йўл босиб ўтиши керак. Агар синовлар муваффақиятли ўтса, шундан кейингина панда-поезд йўловчилар учун ўз эшикларини очади.