Исроил разведка вазири Исраэль Кац уч кундан бери мамлакатнинг турли ҳудудларида давом этаётган  ёнғинларнинг сабабини уларнинг қасддан уюштирганлиги билан изоҳлади. 

Пайшанба кунининг энг "қайноқ нуқтаси" йирик шимолий шаҳар - Хайфа бўлди. У ердан минглаб аҳоли эвакуация қилинмоқда. 

"Мамлакатни ёнғинлар тўлқини қамраб олди, уларнинг сабаби эса - қасддан ўт қўйишда", - деди разведка соҳаси билан бирга транспорт вазири лавозимини юритувчи Кац. Сиёсатчининг баёноти унинг матбуот хизмати томонидан тарқатилди. 

Унинг сўзларига кўра, маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органлари ёнғинларни ташкиллаштириш миллатчилик масаласига бориб тақалишини тахмин қилмоқда. "Мен қонунчиликда ўзгартириш киритиш ташаббуси билан чиқмоқчиман, янги қонун лойиҳаси айбдорнинг уйи ва мол-мулкини мусодара қилишга имкон берса, мақсадга мувофиқ бўлади. Бу ҳам тийилишнинг бир омили", - деди у. 

Адлия вазири Айелет Шакед ижтимоий тармоқларда қасддан ёнғин уюштириш учун 15-20 йилгача озодликдан маҳрум қилиниш мумкинлигини эслатиб ўтди. 

Полиция маълумотларига кўра, Хайфадан ташқари, Қуддус  атрофидаги ҳудудлар, Тель-Авив ва Қуддус ўртасида жойлашган Модиин шаҳри ҳамда Иордан дарёсининг Ғарбий қирғоғидаги аҳоли пунктларида ёнғин билан кураш олиб борилмоқда. 

Исроил жаҳон ҳамжамиятига ёрдам сўраб мурожаат қилган. Олти мамлакат ўзининг ўт ўчирувчи самолётларини Исроилга жўнатган.