Лондонда мактаб ўқувчилари бошланаётган муштлашувга аралашмоқчи бўлган икки полициячини калтаклашди. Воқеа видеоси YouTube’да жойлаштирилган.

Daily Mail’нинг хабар беришича, ҳодиса Британия пойтахти жанубидаги Нью-Кросс туманида рўй берди. Турли мактабларда таҳсил олувчи икки қиз ўз баҳсларига муштлар ёрдамида аниқлик киритиб олишмоқчи бўлишган. Бу ҳақдаги эълон WhatsApp орқали тарқатилиб, муштлашув бошланиш арафасида у ерга 30 нафар ўқувчи етиб келди.

Кўчада ҳаракатланаётган икки полициячи ўсмирлардан бирининг қўлида пичоқни кўриб қолган. Улар патруль машинасидан чиқиши билан болаларнинг ҳужумига учрашди. Эркак полициячи ерга ётқизилиб, оёқлар ёрдамида калтакланди. Унга ёрдам бермоқчи бўлган ҳамкасби ҳам жабрланди: унинг юзига бир неча маротаба мушт туширишган. Охир-оқибат аёл ёрдамга муҳтож бўлиб ётган дўстини чиқариб олиб, қўшимча ёрдам чақирганда ўсмирлар қочиб қолишди.