Мексика ҳукумати жорий ҳафта мамлакат жанубидаги Герреро штатида аниқланган яширин қабрлардаги 32 тана ва тўққизта инсон бошини эксгумация қилди, деб хабар бермоқда Франс Пресс агентли.

“Бу даҳшатдан бошқа нарса эмас”, - маълум қилган штати хавфсизлик хизмати вакили Роберто Альварес. Мурдалар Почауиско қишлоғидаги 17 та қабрдан топилди.

Мексикада бундай оммавий қабрлар тез-тез учраб туради. Аксарият ҳолларда жасадлар наркокартеллар билан курашда ҳалок бўлганларга тегишли бўлиб, гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчилар рақибларини қўрқитиш мақсадида энг шафқатсиз услубларни қўллайди.

Маълумот учун, Герреро штати — Мексикадаги жиноятчилик авж олган энг хавфли ҳудудлардан саналади. Бу АҚШга наркотик моддаларни олиб ўтиш устидан назорат учун жиноий гуруҳларнинг ўзаро қарама-қаршилиги билан боғлиқ. Айнан шу штатда, 2014 йилнинг сентябрида 43 талаба изсиз ғойиб бўлганди. Кейинчалик маълум бўлишича, улар полиция томонидан ўғирлаб кетилиб, Игуала шаҳридаги босқинчиларга топширилган ва қатл этилган.