РФИ (Россия футбол иттифоқи) президенти Виталий Мутко ФИФАга ЖЧ-2018 ва Конфедерациялар кубоги учун стадионлар тайёр бўлишига кафолат берганини маълум қилди.

«Инфантино декабрь ойида Сочи ва Петербургдаги стадионларни 2017 йилги Конфедерациялар кубоги ўйинлари учун тайёрлашга киришиш учун кафолат сўради. Мен унга кафолат бердим. Мен шундай дедим: I guarantee («ай эм гарантиид»)», деган Россия бош вазири ўринбосари Мутко.

Мутко «I guarantee» ёки «I ensured» иборалари ўрнига «I am guaranteed» шаклини қўллаган. Бу эса «Мен кафолатланганман» маъносини англатади.

Мутконинг инглиз тили билан муносабатлари 5 йилдан буён ҳаммага маълум. У 2010 йили Цюрихда ФИФA ижроқўмлари йиғилишида инглиз тилида сўзламоқчи бўлиб, кулгига қолганди: «Лет ми спик фром май харт ин инглиш. Май фрэнц, тудэй из э юник момент ин тайм, боуф фо май кантри энд фо фифа».

2015 йилнинг ёзида Мутко 2018 йилги чемпионатга қадар инглиз тилини ўрганишга сўз берди, декабрда эса Путин унга луғат китоби совға қилди.

20 октябрь куни Дмитрий Медведев янги бош вазир ўринбосари сифатида Виталия Муткони «лет ми спик фром май харт ин рашн» иборасини эслаган ҳолда таништирди.