Франция президенти Франсуа Олланд италиялик актриса Моника Белуччига Елисей саройидаги тантанали маросимда Фахрий легион орденини топширди. Бу ҳақида актрисанинг Instagram тармоғидаги расмий аккаунтида маълум қилинди. 

"Мен Фахрий легион ордени кавалери бўлиш шарафига муяссар бўлганимдан бағоят хурсандман", - дея ёзади Белуччи ўзининг саҳифасида. Актриса Франция президенти Франсуа Олландга ўз миннатдорчилигини билдирди. 

Бир неча даражаларга эга Фахрий легион ордени 1802 йилда Напалеон Бонапарт томонидан таъсис этилган. Ушбу мукофотнинг топширилиши бугунга қадар хизматларнинг давлат миқёсида тан олинишини билдиради. 

Моника Белуччи жуда кўплаб фильмларда бетакрор образлар яратиб, томошабинлар кўнглидан жой олган. У нафақат Италия фильмларида, балки Европа, кўпинча француз фильмларида ҳам фаол суратга тушиб келмоқда. Актрисанинг энг ёрқин ролларидан бири - 2000 йилда италиялик режиссёр Жузеппе Торнаторе томонидан тасвирга олинган "Малена" фильми.  

Моника Белуччини кўп маротаба Ҳолливудга таклиф қилишган ва у бир неча картиналарда иштирок ҳам этган. Ўтган йили актриса иштирокидаги "007: Спектр" фильми кино ихлосмандлари томонидан илиқ кутиб олинган, унда Белуччи афсонавий Жеймс Бонднинг дугонаси ролида намоён бўлган.