АҚШнинг соғлом овқатланиш бўйича мутахассислар гуруҳи "Телеграф" нашрига интервью бериш вақтида бир уюм озиқ-овқат маҳсулотлари ичидан энг фойдалисини 3 сонияда аниқлаш сирини ошкор қилдилар. Олимлар бунда озиқ-овқатнинг рангига эътибор қаратишни тавсия қилмоқдалар.

"Харид вақтида фойдали маҳсулотларни максимал тез аниқлашга имкон берувчи қоидалар жуда содда. Маҳсулотнинг фойдалилигини аниқлашга унинг ранги ёрдам беради. Бу қоидага кўра, яшил рангдаги барча маҳсулотлар олдинги қаторга чиқади. Брокколи, киви, авокадо, бодринг, кўкат, шпинат – бу рўйхатни чексиз давом эттириш мумкин", деб айтди фанлар доктори Крис Мор.

Морнинг айтишича, яшил рангдаги озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш организмни турли касалликларнинг ривожланишидан ҳимоя қилади. Яшил рангдаги  сабзавотлар таркибида мавжуд бўлган хлорофилл моддаси саратоннинг олдини олишда иштирок этади. Бундан ташқари, мева ва сабзавотларнинг яшил ранги тинчлантиради ва юрак-томир тизими фаолиятини нормаллаштиради, аритмияни даволайди ва артериал босимни барқарорлаштиради. 

Яшил рангдаги тановул қилинадиган ўсимликлар озишни истаётганларга айниқса катта фойда келтиради. "Бундай мева-сабзавотларда кўп миқдорда бириктирувчи тўқима (целлюлоза) мавжуд ва унинг калориялиги паст. Ликопчанинг катта қисми яшил салат, кўкатлар билан тўла бўлганда очлик сизни анча вақт безовта қилмайди, агар бу турфа маҳсулотларга озгинча балиқ ва гўшт қўшилса, унинг фойдаси янада кўпроқ бўлади", деб маслаҳат бермоқдалар парҳезшунослар.