Корея Республикаси (КР) президенти Пак Кин Хенинг рейтинги давлатдаги коррупция билан боғлиқ можаролар сабаб 4 фоизга тушиб кетди. Бу ҳақда Reuters агентлиги Gallup Korea ижтимоий хизматига таянган ҳолда хабар бермоқда.

Жамоат фикрини ўрганиш мақсадида ўтказилган сўровнома мамлакат раҳбарини рекорд даражадаги камчилик қўллаб-қувватлаётганини кўрсатди. Шу билан бир қаторда, унинг фаолиятидан норози фуқаролар сони 93 фоизга етди.

Жанубий Корея прокуратураси 20 ноябрь куни КР президенти билан боғлиқ йирик можаро борасидаги терговнинг оралиқ натижаларини тарқатди. Раҳбарнинг яқин дугонаси Чхве Сун Силь ва яна икки нафар президент маъмурияти амалдорига коррупция, товламачилик ва хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш айби қўйилган.

Улар 50 дан ортиқ Жанубий Корея компаниясини Чхе Сун Силнинг иккита жамғармасига ўнлаб миллион долларни ўтказиб беришга мажбурлашган. Терговчиларнинг фикрича, Пак Кин Хе ўз дугонасининг хатти-ҳаракатларидан хабардор бўлиб, афтидан бу ишларда ўзи ҳам иштирок этган бўлиши мумкин. Прокуратура давлат раҳбарини ўтган ҳафта терговга чақиришни режалаштирганди, бироқ унинг ҳимоячиси у тергов билан ҳамкорлик қилиш истагида эмаслигини маълум қилди. Бунга “бундай ўйлаб топилган айбловлар туфайли ҳақоратлангани” сабаб қилиб кўрсатилди. Бунга қадар эса президент суриштирув жараёнига кўмак беришга тайёр экани ҳақида хабар қилинганди.

Жанубий Корея конституциясига кўра, амалдаги президентга нисбатан ватанга хоинлик моддасидан бошқа ҳеч қандай жиноий иш қўзғатиб бўлмайди. Давлат раҳбари маъмуриятида прокуратура айбловларини далил ва исботларсиз, дея аташди.