АҚШда ўтган “Чегирмалар жумаси”да штатлардаги қатор шаҳарларда бўлган отишмалар оқибатида камида икки киши ҳалок бўлди, яна тўрт киши яраланди. Бу ҳақда New York Daily News газетаси ёзмоқда.

Нашр берган маълумотларга кўра, мана шу кунда савдо марказлари ёнида тўртта отишма содир бўлган. Нью-Жерсининг Атлантик округида жойлашган Macy's универмаги яқинида содир этилган отишмада бир киши ҳалок бўлган, яна бири жароҳатланган. Номаълум шахс маҳаллий аҳоли вакиллари бўлмиш 20 яшар йигит ва 26 ёш акасига ўт очган. Биринчиси ҳалок бўлган, иккинчиси яраланган ҳамда уни шифохонага олиб кетишган.

Рено шаҳрида (Невада штати) Walmart гипермаркетига ташриф буюрганлардан бири бошқа бир харидор томонидан отиб ташланган. Полиция маълумотига кўра, эркаклар автотураргоҳда жой талашиб, тортишиб қолишган. Отган шахс воқеа жойидан яширинган.

Мемфис шаҳри (Теннесси штати) маҳаллий савдо марказларидан бирига келган шахс бошқа бирига қарата ўт очган. Жабрдийда оғир ярадор ҳолатда шифохонага ётқизилган. Теннессида яшовчилардан яна икки нафари Чаттануга шаҳридаги гипермаркет ёнида бир-бирини отиши оқибатида яраланган.