“Абитуриент” газетаси  ва Ўзбекистон инглиз тили ўқитувчилари уюшмаси (UzTEA)нинг YLDP — "Ёш етакчиларни қўллаб-қувватлаш лойиҳаси" томонидан анъанавий ўтказиладиган Республика иншолар танлови яна старт олди.  Академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида бўлиб ўтадиган мазкур кўрик-танлов икки босқичли бўлиб, саралаш босқичи учун MY COUNTRY – MY PRIDE (Mенинг юртим – менинг фахрим) мавзусида иншолар жорий йилнинг 30 декабрь санасигача қабул қилинади. Инглиз тили мутахассисларидан таркиб топган ҳакамлар ҳайъати ҳар бир ҳудуддан иккита энг яхши иншо муаллифини танлаб олади.

12та вилоят, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Тошкент шаҳридан жами 28 нафар қаламкаш YLDP ресурс ва тренинг марказида йиғилиб, финал босқичда иштирок этишади. Белгиланган вақт ичида назоратчилар кузатувида иншо ёзган қатнашчилар учун тадбир доирасида Тошкент шаҳри бўйлаб саёҳат ташкил этилади. 

Таъкидлаш жоизки, илк бор Ўзбекистон инглиз тили ўқитувчилари уюшмасининг YLDP лойиҳаси Республика миқёсида ёшлар ўртасида инглиз тилида иншолар ёзиш танловини ўтказиш ташаббусини 2014 йилнинг баҳорида кўрсатган эди. Ҳар  куз ойларида анъанавий тарзда ташкил этиладиган иншолар танловида биринчи сафар 100дан ортиқ, 2015 йил ноябрь ойида бўлиб ўтган кузги танловда 1000 га яқин ёшлар қатнашган эди. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон инглиз тили ўқитувчилари уюшмаси қошидаги ушбу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Чет тилларини ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ҳамда “Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишнинг  қўшимча чора тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ва Дастури ижросини таъминлаш мақсадида 2014 йилнинг февраль ойида ташкил этилган.

Телефон: +99895 1969799, +998909414262
Email: ingo.yldp@gmail.com