Австралия ИШИД террорчилик гуруҳининг энг хавфли жангариларидан бири Нил Пракашни Туркиядан олиб келишга эришмоқчи. У Австралия фуқароси ҳисобланади. Бу ҳақда мамлакат адлия вазири ва бош прокурор ўринбосари Майкл Кинан маълум қилган.

У расмий сўров юборилганини айтган Кинаннинг изоҳ беришича, террорчининг зудлик билан топширилишини кутиш ноўриндир. "Биз биламизки, бу инсон Туркия ҳукумати томонидан ушланган, шу боис, ушбу мамлакатдаги барча ҳуқуқий жараёнлар якунланишини кутишимиз керак", - дейилади адлия вазири баёнотида. 

Мельбурн шаҳрининг 25 ёшли фуқароси Нил Пракаш 2013 йилда Сурияга келган ва Австралиянинг қидирилаётган жиноятчилари рўйхатида биринчи ўринда турган. Май ойи бошларида мамлакат мудофаа вазири Марис Пейн Мўсул яқинига уюштирилган ҳаво ҳужумида Нилнинг ўлдирилганини эълон қилганди. 

Бироқ, яқинда The New York Times нашри Пракашнинг ҳаво зарбасида оғир жароҳатлангани, жангари Яқин шарқ мамлакатларидан бирида қўлга олингани ҳақида ёзди. Кейинроқ, Австралия ОАВ Пракаш Туркияга ўтиш чоғида қўлга тушганини аниқлади.