Бразилиянинг 18та маъмурий ҳудудида давлат харажатларини чеклаш ташаббусига нисбатан норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Globo телеканалининг хабар қилишича, мамлакат бўйлаб бўлиб ўтган акцияларда бир неча минг киши қатнашган. 

Касаба уюшмалари ва жамоат ташкилотлари томонидан уюштирилган митинглар, аксарият штатларда тинч ўтган. Бироқ, мамлакат жанубидаги Порту-Алегри шаҳридаги намойишларда акция қатнашчиларининг полиция билан тўқнашувлари кузатилган. Globo маълумотларига кўра, бир неча нафар ниқобдаги намойишчилар тартибни сақлаш кучларига қарата ёнувчи аралашма тўлдирилган шиша идишларни отишган. Полициячилар, бунга жавобан, кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланган. 

Октябрь ойи охирларида, Бразилия парламенти қуйи палатаси давлат харажатларини чеклашга оид тузатишларни маъқуллаган эди. Президент Мишель Темер таклиф қилган қонун лойиҳасига кўра, келаси 20 йил мобайнида марказий ҳукуматнинг харажатлари ўтган йил инфляция даражасидан ошмаслиги керак.