Corona бренди асосчиси Антонино Фернандес Испаниядаги ўзи туғилиб ўсган Сересалес дель Кондадо қишлоқ аҳолисига 169 миллион фунтни мерос қилиб қолдирди. Бироқ, кейинроқ қишлоқ фуқаролари бу маълумотни инкор этишди.

The Telegraph хабарида айтилишича, васиятга кўра, қишлоқнинг ҳар бир фуқароси деярли икки миллион фунтдан олиши керак эди. Бренд асосчисининг ҳиммати британия ОАВ орасида катта шов-шувни келтириб чиқарди. 

Испаниянинг Diario de León нашрининг кўрсатишича, Фернандеснинг мероси ҳақидаги хабар октябрда пайдо бўлган бўлиб, Британия ОАВлари томонидан нотўғри талқин қилинган. 

Қишлоқ фуқароларининг ўзи эса ҳеч қандай миллионларни олишмагани ҳақида маълум қилишди. Шу билан бир қаторда, Corona бренди асосчиси қишлоқчада маданий муассаса ва черковлар қуриб берган. Шунингдек, тадбиркор қишлоққа иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш учун келиб турадиган оила аъзоларига ҳам маблағ қолдирди.

Маълумот учун, Антонино Фернандес Сересалес дель Кондадода 1917 йилда таваллуд топган. 1949 йили Мексикага кўчиб кетиб, Grupo Modelo пиво ишлаб чиқариш заводида меҳнат фаолиятини бошлаган. 1971-1997 йилларда эса у компанияга раҳбарлик қилиб, Corona пиво брендининг оммалашишига ўз ҳиссасини қўшди.