«Барселона» директорлари кенгаши жамоа ҳужумчиси Лионель Месси билан шартномани узайтириш қарорида қатъий турибди.

Sport.es нашри хабарига кўра, каталонияликлар жамоаси раҳбарияти сўнги йиғилишда ушбу футболчи билан шартномани узайтиришни асосий мақсад қилиб белгилаган. Жамоа президенти Жозеп Бартомеу Мессининг отаси Хорхе билан телефонда суҳбатлашиб олгани ҳам айтилган.

Хорхе Месси 3 декабрь куни «Реал» клубига қарши кечадиган баҳсни томоша қилиш учун ташриф буюради. Шундан сўнг томонлар музокаралар столига ўтиришади.

«Барселона» Мессига фаолиятининг сўнгига қадар шу жамоада қолишни таклиф қилмоқчи.

Клуб бунинг учун қанча маблағ керак бўлса, шунча ажратишга тайёр.

Бартомеу музокаралар вақтида «Барселона» клубининг ривожланиш йўлини изоҳлаб, аргентиналик футболчининг бу мақсадда тутган муҳим ўрни ҳақида тушунтириш бериб ўтади.

Манба хабарига кўра, томонлар шартномани узайтиришга ижобий ёндашмоқда. Лекин Мессининг ўзи ҳали якуний қарорга келмаган. 

Қайд этиш керакки, Месси бир неча бор фаолиятини ўзининг илк жамоаси ҳисобланмиш «Ньюлэз Олд Бойз» клубида якунламоқчи эканини айтиб ўтганди.