Тошкентдаги Маърифат маркази очилганига беш йил тўлди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда. 

Симпозиумлар саройи ва Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасини ўз ичига олган Маърифат марказида турли маданий-маърифий тадбирлар, йирик илмий анжуманлар, халқаро симпозиумлар, китобхонлик кечалари ўтказилмоқда.

Симпозиумлар саройи деворларидаги сержило нақшлар, маҳобатли мармар устунлар, мовий гумбаз меъморлик бобида аждодларимизнинг асрий анъаналари давом этаётганидан далолатдир. Гумбаз атрофи бўйлаб жойлаштирилган 36 дераза залда кун давомида табиий ёруғликни таъминлайди.

Симпозиумлар саройи вестибюлидаги деворларга ёқут, феруза, зумрад, ложувард, малахит (яшилтош), яшма каби ноёб, табиий ва қимматбаҳо тошлардан ясалган маҳобатли икки панно шакли, нақшлари ва мазмун-моҳиятига кўра инсон тасаввури ва тафаккурининг ноёб маҳсулидир.

Кутубхона энг замонавий ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, бу ерда жаҳон талабларига жавоб берадиган автоматлаштирилган ахборот-кутубхона тизими, энг янги нашриёт-матбаа ҳамда нусха кўчириш ускуналари ўрнатилган.

Музейда ноёб қўлёзма ва тошбосма асарлар фондидан намуналар қўйилган. Алишер Навоийнинг “Хамса”, “Муҳокамат ул-луғатайн”, “Маҳбуб ул-қулуб”, “Лисон ут-тайр” асарлари, “Девон”и қўлёзмалари шулар жумласидандир. Ноёб китоб фондини яхши сақлаш учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган. 

Болалар хонасида етти ёшгача бўлган болалар учун турли ўйинчоқлар, аквариум, ўқув қуроллари, эртак китоблар мавжуд. Ота-оналар мутолаа қилгунча бу ерда болаларга қараб турилади. Кинозалда мустақиллик йилларида халқимиз эришган ютуқлар, улуғ алломаларимиз, қадимий шаҳарларимиз ҳақидаги фильмлар намойиш этилмоқда.

Кутубхона биносида Wi-Fi тизими ишлаб турибди. Китобхон ўзи билан ноутбук олиб келиб ёки шу ернинг ўзидан ижара асосида олиб, интернетдан чекловсиз фойдаланиши мумкин. Ҳозир ҳар куни мингдан ортиқ киши бу ерда глобал ахборот тармоғидан фойдаланмоқда.

Кутубхона етти қаватли бўлиб, ер остидаги икки қават фонддан иборат. Бу ноёб фонд илгари пойтахтимизнинг уч жойида сақланган бўлса, энди марказлаштирилди. Китобларни сифатли сақлаш учун замонавий мобиль стеллаж ўрнатилди. Илгари сўралган баъзи китоб ёки газета-журнални ўқув залига келтириш учун бир-икки кун вақт сарфланган бўлса, бугун бу жараён 345 метрли телелифт ва 100 килограмм юкни кўтаришга мўлжалланган лифт воситасида 15-20 дақиқада бажарилмоқда.
Бугун кутубхона фонди қарийб 7 миллион нусхани ташкил этади. Ўтган вақт мобайнида кутубхона фонди салкам 350 минг электрон нусхадаги янги адабиётлар билан бойитилди. Фондда буюк ўзбек олимларимиз ва мутафаккирларимизнинг XI ва ундан кейинги асрларга оид қўлёзмалари, XVI-XIX асрларда дунёнинг кўплаб тилларида чоп этилган китоблар сақланмоқда.

Маълумот учун: Тошкентдаги Маърифат маркази 2011 йилнинг 16 ноябрь куни очилган эди.