Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ИШИД жангариларининг Сурия ва Ироқдан фаол равишда сиқиб чиқарилиши вазиятида Марказий Осиё давлатлари тинчлигини йўқотиши мумкин, деб айтди. Бу ҳақда tengrinews.kz нашри хабар бермоқда. 

"Агар ҳозир бутун коалиция Ироқ ва Сурияда фаол ишласа, ИШИД сиқиб чиқарилса, қаерга сиқиб чиқарилади? Афғонистон томонга. Унда булар минтақамизнинг жанубий сарҳадларига келиши мумкин. Афғонистон билан Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон   чегарадош. Агар жангарилар жанубдан қўшниларимизга босим ўтказса, унда бизда ҳам тинч бўлмайди", деб айтди Назарбоев Bloomberg ахборот агентлигига берган интервьюсида. Бу интервью Қозоғистоннинг "Хабар" давлат телеканали орқали намойиш қилинган. 

Назарбоев террорчилик муаммоси нафақат Қозоғистон, балки бутун сайёра учун долзарблигини айтди.

"Келинг тушунчаларни аниқлаштириб оламиз. Қуръонда мусулмонлар кимнидир ўлдириши керак деган биттаям ҳарф йўқ: у ерда бир одамни ўлдириш бутун инсониятни ўлдиришга баробар дейилган. Турли миллат ва тоифадаги террорчилар уларда қаердандир пайдо бўлган пулларга барчани ўз сафига жалб қилган. Нафақат собиқ иттифоқ, Қозоғистон, Ўзбекистон, Озарбойжондан, балки Европадан ҳам ИШИДда одамлар жанг қилмоқда, Америка ва Англиядан жанг қилмоқда", деб қўшимча қилди Қозоғистон президенти.     

Назарбоев  "ислом ва террорчилик, қўпорувчилик – бу турли нарсалар" эканини таъкидлаб ўтди. "Бутун дунёда буни адаштиришади, бироқ 1,5 млрд мусулмонни бунга боғлаш ярамайди. Биринчидан, нохолис ва нотўғри, бу маданиятларни насронийлар-мусулмонлар чизиғида тўқнаштиришга олиб боришдир. Бу ҳақда эмас, балки мусулмонларнинг ўзи курашаётган террорчилар ҳақида гапириш керак", деб таъкидлаб ўтди Назарбоев.  

Назарбоевнинг айтишича, террорчилик хавфи билан "бирлашган ҳолдагина курашиш мумкин".