Франция президенти Франсуа Олланд  Антананаривуда ўтган француззабон давлатлар саммитидаги нутқида Кубадан барча санкциялар бекор қилиниши кераклигини айтди, деб хабар бермоқда BFMTV телеканали. 

Олланднинг айтишича, санкциялар Кубага катта зарар етказади.

"Фидель Кастро вафоти туфайли Кубага нисбатан барча иқтисодий чекловларни бекор қилиш зарурлиги ҳақида қатъий ишонч билдирмоқчиман. Гавана халқаро ҳамжамиятга қўшилиши ва тўлақонли ҳамкор сифатида қабул қилиниши керак", деб айтди Олланд.

Олланд АҚШ ва Куба ўртасида муносабатлар илиқлашиши эълон қилингандан кейин "Озодлик ороли"га 2015 йил май ойида ташриф буюрган биринчи давлат раҳбари бўлганди.

"Мен Кубадаги инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳақида бир неча маротаба айтган бўлсамда, чекловлар муаммони ҳал қилишга олиб келмайдиган бир томонлама қадам ҳисобланади, деб ҳисоблаб келганман", деб қўшимча қилди Олланд.

Фидель Кастро 25 ноябрда 90 ёшида ҳаётдан кўз юмди.