Туркманистон Республикаси президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азимовни қабул қилди. Бу ҳақда Туркманистон ҳукумати матбуот хизмати хабар бермоқда.
Учрашув давомида икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича фикр алмашилди.

Томонлар савдо-иқтисодий ҳамкорлик салоҳиятини янада ошириш, муносабатларни рағбатлантириш ва гуманитар соҳада ҳам ўзаро ҳамкорлик қилиш ҳақида сўз юритди.

Музокаралар марказига, шунингдек, транспорт инфратузилмасини шакллантириш борасида ҳамкорликни назарда тутувчи фикрлар ташланди. Ашхабодда бўлиб ўтаётган Барқарор транспорт тараққиёти тизими бўйича биринчи халқаро анжуман бу соҳа келажагига ташланган илк қадам бўлганлиги айтиб ўтилди.

Шунингдек, Туркманистон президенти ЕХҲТнинг бош котиби Ламберто Занниерни, Покистон Ислом республикаси бош вазири Муҳаммад Навоз Шарифни, Халқаро автомобиль транспорти иттифоқи раҳбари Умберто де Преттони ва Қозоғистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Аскар Маминни қабул қилди.