Каталониянинг «Барселона» клуби ҳужумчиси Неймар «Реал Сосьедад»га қарши учрашув олдидан йўл транспорт ҳодисасига учради. Бу ҳақда Sport.es интернет-нашри хабар тарқатди.

Манба берган хабарга кўра, воқеа якшанба куни эрталаб Сан-Себастьянга учиб кетиш учун аэропортга келаётганида содир бўлган. Клуб вакиллари зудлик билан воқеа жойига етиб келишган ва футболчи аэропортга етиб олишига кўмаклашган.

Маълумотларга кўра, футболчи жисмоний зарар кўрмаган ва бугун «Реал Сосьедад»га қарши учрашувда майдонга тушиши кутилмоқда.

Автоҳалокат борасида бошқа маълумотлар берилмаган.