Яқин вақт ичида Россияга нисбатан қўлланган санкциялар бекор қилинмасада, ЕИ Россия Федерациясига суперқудратли давлат ҳамда тенг имкониятга эга ҳамкор сифатида қараши лозим. Бу фикр Euronews телеканали эфирида Еврокомиссия раҳбари Жан-Клод Юнкер томонидан айтиб ўтилди.

У шунингдек, Обама Россиянинг мақомини баҳолашда хатога йўл қўйганини айтиб ўтган.

«Ҳозирча мен Россияга қарши санкцияларни зудлик билан бекор қилиш учун бирон асос кўрмаяпман. Лекин мен Россия билан келишишимизни истардим. Россия иштирокисиз Европада хавфсизликни таъминлаб бўлмайди, биз буни билишимиз керак», — деган у.

Юнкер Россиянинг ҳудуди Европаникидан 3 баробар катталигини эслатиб, россияликларни «катта бирлашма ва ғурурли миллат» сифатида қабул қилиш кераклигини айтган.

«Россияни ўзимизга тенг кўриб муносабатда бўлишимиз керак», — дея қўшимча қилган у.

Еврокомиссия раҳбари Россияни  «ҳудудий держава» сифатида баҳолаган АҚШ президенти Барак Обаманинг фикрига қўшилмаслигини билдириб ўтган.

«Бундай баҳо — катта хато», — дея америкаликлар раҳбарини айблаган Юнкер.

17 ноябрь куни Обама Россияни «дунё ва минтақада ўз таъсирига эга ҳарбий держава» сифатида атаганди. У «ўз президентлигининг биринчи кунидан бери Россияга муносабати ўзгармагани»ни айтиб ўтган.

Россия ТИВнинг расмий вакили Мария Захарова, Обаманинг бу чиқишига муносабат билдира туриб, у бундан аввал Россияни минтақавий держава сифатида номлаганини эслатиб ўтган.

2014 йилнинг мартида Ҳаагада бўлиб ўтган ядро хавфсизлиги бўйича саммит якунида Обама Россия "АҚШ миллий хавфсизлиги учун биринчи таҳдид бўла олмаслиги"ни ва бу давлат "минтақавий держава" эканини айтганди.

Россия ва Ғарб муносабатлари 2014 йилда Украинадаги вазият туфайли ёмонлашди. 2014 йилнинг июнида ЕИ ва АҚШ Россия иқтисодиётидаги алоҳида шахслар ва компанияларга қарши санкциялар жорий этди. Бунга жавобан Москва бу мамлакатлар ва улар қўллаб-қувватлайдиган ҳудудлардан маҳсулотлар импортини чеклади.