«Фукусима-1» АЭСдаги авария оқибатларини бартараф этиш ва жабрланганларга товон пули тўлаш учун кетадиган харажатлар 20 триллион иенадан (180 миллиард доллар) ортиқ. Бу ҳақда Япония Иқтисодиёт, савдо ва саноат вазирлигига асосланган ҳолда Nikkey газетаси маълум қилди.

Қайд этилишича, 2013 йилда Япония ҳукумати бу борадаги харажатларни 11 трлн иенага баҳолаганди. Харажатлар ўсиши Япония ҳукумати томонидан товон пули олиши керак бўлган компаниялар рўйхати кенгайтирилгани билан боғлиқ.

Фожиа оқибатида жабрланганлар, жумладан, зарарланган ҳудудларни тарк этишга мажбур бўлган тадбиркорлар, сайёҳлик компанияларига тўланадиган товон пулининг умумий қиймати 8 триллион иенага (72 миллиард доллар) етади. Ушбу суммага фожиадан сўнг тўлаб берилган маблағлар ҳам киради.

Шунингдек, маблағлар АЭСдаги авария оқибатларини бартараф этишга сарфланиши режалаштирилган. 

Харажатларнинг бир қисмини «Фукусима-1» АЭСнинг оператори — Tokyo Electric Power энергетика компанияси қоплаб беришга мажбур. Бунинг учун унга 9 триллион иена (81 миллиард доллар) миқдоридаги фоизсиз кредит ажратилиши мумкин.