Ҳиндистоннинг сайёҳлик авж олган Гоа штати нақд пуллар керак бўлмайдиган Ҳиндистоннинг биринчи штатига айланмоқчи. 31 декабрдан бу штатдаги барча тўловларни мобиль телефон ёки банк пластик карточкаси ёрдамида амалга ошириш мумкин бўлади. Бу ҳақда штат бош котиби Ражаш Кумар Шривастава маълум қилди.

"Барча транзакцияларни мобиль телефон орқали амалга ошириш мумкин бўлади. Пуллар харидорга тегишли бўлган банк ҳисобидан ечиб олинади", деб Шриваставанинг сўзларини келтириб ўтган The Times of India нашри. Шриваставанинг айтишича, бир ойдан кейин кичкина Гоада картмон олиб юришга ҳожат қолмайди ва "киссавур касби ҳам йўқолиб кетиши мумкин".

31 декабрдан штат ҳудудида исталган маҳсулотлар, жумладан, балиқ, гўшт ва сабзавотларга мобиль телефондаги маълум кодни териб тўловни амалга ошириш мумкин бўлади. Бунда албатта смартфон бўлиши шарт эмас. Бу тизим пластик карточка терминалларига эга бўлмаган майда сотувчилар билан ҳам тўловни амалга оширишга имкон беради. Масъул шахснинг айтишича, шу билан бирга банкоматлар ишлайверади, дўкон ёки меҳмонхоналарда пластик карточка билан тўловни амалга ошириш мумкин бўлади. Штат ҳудудида қоғоз пуллар билан тўловни амалга ошириш тақиқланмайди, бироқ бу ерда "нақд пулсиз жамият"га секин-аста ўтилишига умид қилинмоқда.

Гоа Ҳиндистоннинг нисбатан кичик штати бўлиб, бу ерда 1,5 млн киши яшайди. Бу ерда одамлар етарлича ўзига тўқ яшайди. Бундан ташқари, "жаннатмакон штат"га кўплаб хорижий сайёҳлар ташриф буюради ва улар одатда пластик карточкалардан фойдаланадилар.