Грузия парламенти депутатлари Георгий Квирикашвилини бош вазир лавозимига ва Грузия янги ҳукуматининг таркибини тасдиқлашди.

Бош вазир ва янги ҳукуматга 110 депутат ишонч билдирди, 19 нафари қарши чиқди. 

Парламент раиси Ираклий Кобахидзе овоз беришдан кейин Георгий Квирикашвили ва янги ҳукумат таркибига ишонч билдириш ҳақидаги қарорни имзолаган. Спикер ушбу қарор "бугуноқ Грузия президенти Георгия Маргвелашвилига юборилишини" айтган. 

Мавжуд қоидаларга кўра, Грузия президенти ушбу қарорни икки кун ичида имзолаши керак.

18 ноябрда ишини бошлаган мамлакатнинг янги парламентида конституцион кўпчилик "Грузия орзуси" партиясига тегишли (150 ўриндан  115 таси). Ушбу партия 18 ноябрда 2015 йил 29 декабрдан Грузия бош вазири лавозимини эгаллаб келган Квирикашвилига яна ҳукуматга бошчилик қилишни таклиф қилган.

Грузия конституциясига мувофиқ, 2013 йилдан бош вазир ижрочи ҳокимиятнинг раҳбари ҳисобланади. Президент расман давлат раҳбари бўлиб қолса-да, бироқ унинг ваколатлари кучли даражада чекланган.