АҚШ президенти лавозимига номзод бўлган Хиллари Клинтон 8 ноябрдаги сайловлардаги мағлубиятини унга Барак Обама томонидан босим ўтказилгачгина тан олган. Бу ҳақда вашингтонлик журналистлар Жонатан Аллен ва Эми Парнснинг АҚШдаги жорий президентлик сайловлари ҳақидаги янги китобида айтилган. Китоб ҳали сотувга чиқмаган.

Китобнинг қисқача мазмуни ҳақидаги мақолани АҚШ конгресси фаолиятини ёритишга ихтисослашган The Hill нашри чоп этди. Китоб муаллифларидан бири – Парнс шу нашрнинг мухбири бўлиб ишлайди.

Журналистлар Клинтон атрофидаги уч номи айтилмаган вакилга иқтибос келтирган ҳолда маълум қилишича, Клинтон сайлов штаби овоз бериш унинг фойдасига ҳал бўлишини охиригача кутган. Демократлар тараф ҳисобланган Пенсильвания штатининг ҳам Дональд Трампга овоз бергани ҳақидаги хабар ушбу масаладаги "ҳал қилувчи нуқта" бўлган. 

Мақолада таъкидланишича, Обама Клинтонга телефон қилиб, "мағлуб бўлганини тан олиши кераклигини" айтган.

Бу орада Клинтон маслаҳатчилари сайлов участкалари ёпилиб, Трамп ғалаба қозониши озми-кўпми маълум бўлиб қолгандан кейин буни қилишга шошмаганлар. Клинтон сайлов штаби бошлиғи Жон Подеста дастлаб Клинтон тарафдорларини ухлашга ётиб, натижаларнинг якуний ҳисоб-китобини кутишга чақирган. Бироқ Подестанинг бу чиқишидан кейин Клинтон мағлубиятини тан олишни чўзишга чек қўйган. Нашрнинг ёзишича, Обаманинг қўнғироғи барчасини ўзгартирган. Клинтон ўз аламини яширмай ёрдамчиларига "Менга телефонни беринг! Унга қўнғироқ қиламан", деб айтган.    

Сўнгра у Трампга телефон қилиб, ўз мағлубиятини тан олган ва шу куни ҳеч қандай баёнот бермаган. Клинтон сайловларнинг эртасига қизғин нутқ сўзлаб, "Дональд Трамп бизнинг президент бўлади. Унга бизнинг етакчимиз бўлишга имконият бериш бизнинг бурчимиздир", деб айтган. Клинтон ўз мағлубияти ҳақида қуйидагиларни айтган: "Бу изтироблидир ва яна узоқ вақт шундай бўлиб қолади. Бироқ мен Америкага ишонаман ва ҳар доим ишониб қоламан. Агар сиз ҳам ишонсангиз, унда бу натижани қабул қилиб, келажакка боқишингиз керак".