Кувайтда шанба куни ўтказилган муддатидан олдинги парламент сайловлари якунларига кўра, мухолифат вакиллари ўринларнинг деярли ярмига эгалик қиладиган бўлди. Бу ҳақда Франс Пресс агентлиги ҳукумат тарқатган маълумотларга асосланиб хабар берган.

Муддатидан олдин сайлов ўтказиш Кувайт амири Сабоҳ ал-Аҳмад ал-Жобир ас Сабоҳ томонидан мамлакат парламентини тарқатиб юбориш тўғрисида қарор қабул қилингач, белгиланган. Экспертлар депутатлар ва мамлакат вазирлар маҳкамаси ўртасидаги можарони тушунтиришган.

50 депутатлик ўрни учун 293 номзод кураш олиб борди. Мухолифатчилар ва уларнинг иттифоқчилари 24 мандатга эга бўлган.

Агентликнинг қайд этишича, мухолифат кўрсатган номзодлар қаторида "Биродар мусулмонлар" ташкилоти билан алоқадор сиёсатчилар, шунингдек, миллатчилар ва либераллар бор.

Маълумот учун, Кувайтда сиёсий партиялар фаолияти тақиқланган. Қонунга кўра, барча депутатлар бир мандатли округларда сайланишади. 

Аввалги парламент депутатларининг ярми янги таркибга кирмаган. Сайловда иштирок этган 14 нафар аёл номзоддан фақат бири депутат бўлган. Шиалар сони 9 нафардан 6 нафарга тушган.