Аргентиналик афсонавий футболчи Диего Марадона Куба инқилоби етакчиси Фидель Кастро ўзи учун иккинчи ота каби бўлгани ҳақида маълум қилди. Унинг сўзлари AFP томонидан келтирилган.

Кастро 26 ноябрь куни 91 ёшида оламдан ўтди.

«Бу даҳшатли кун. Шубҳа йўқки, буюк инсон бизни тарк этди. Мен жуда қайғудаман. У мен учун иккинчи отам каби эди», деган Марадона.

Футболчининг сўзларига қараганда, Кастро охир-оқибат унга гиёҳвандлик балосидан қутулишда ёрдам берган. «У мен билан гиёҳванд моддалар, тикланиш ва мен буни уддалай олишим ҳақида жуда кўп гаплашган», — дея таъкидлаб ўтган футболчи.

Футболчи бир неча йил Кубада истиқомат қилган ва у ерда гиёҳванд моддаларга тобеликдан даволанган. Марадонанинг танасидаги татуировкалардан бирида Фидель Кастро акс этган.

Кастро 1976 йилдан буён Куба давлат кенгаши ва вазирлар маҳкамаси раиси бўлган. У Инқилобий қуролли кучлари бош қўмондони ва Куба миллий мудофаа кучлари раиси бўлганди.